ЕХҲТнинг амалдаги раиси келаси ҳафтада Ўзбекистонга ташриф буюради
13−14 апрель кунлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линденинг Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, деб ёзади “Газета” нашри.
Ташриф давомида Линде хоним президент томонидан қабул қилиниши режалаштирилган.
«ЕХҲТ Ўзбекистонда ўз миссиясини 25 йилдан ортиқ давр мобайнида амалга ошириб келаётгани мамлакатимизнинг ушбу ташкилот билан ўзаро жадал ва очиқ ҳамкорлигидан далолат беради», — дейди Шерзод Асадов.
«Биз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кўзланган ўзгаришларни фаол илгари суриш ишида ушбу муҳим минтақавий ташкилот билан ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз», — дея қайд этади у.
Шунингдек давлат раҳбарининг матбуот котиби Анн Кристин Линде хонимнинг ташрифи “айниқса охирги йилларда фаоллашган” Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга чиқаришига ишонч билдирди. Ўтган йил ноябрь ойида ва шу йил февраль ойида мамлакатлар ўртасида сиёсий консультациялар ўтказилганди.
Бош саҳифадаги фотосурат: Eurasia Diary
Шарҳлар