ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили: Йил охиригача Шавкат Мирзиёев Брюсселга ташриф буюради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йил охиригача Брюсселга ташриф буюриши кутилмоқда. Ташриф доирасида республика ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама кенг қамровли янги келишув имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда журналистларга ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан маълум қилди, деб ёзади Sputnik нашри.

«Ушбу келишувнинг асосий бўлимлари бўйича ишлар деярли якунланмоқда. Биз ушбу жараённи йил охиригача якунлашга тайёрмиз. Бу президент Мирзиёевнинг Брюссселга ташрифи учуни яхши сабабга айланади», — дейди Буриан келишув имзоланадиган эҳтимолий муддатларга изоҳ берар экан. 

Махсус вакилнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбарининг ташрифини “катта сабрсизлик” билан кутишмоқда. Буриан бу “иккала томон ҳам ҳамкорликни ривожлантириш масаласига жуда жиддий ёндашиши учун муҳим сигналга айланишини” таъкидлади. Дипломат Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни ЕИ ва Тошкентнинг ўзаро ҳамкорлигини сезиларли даражада кенгайтириш имконини берганини қўшимча қилади. 

«Биз ушбу келишувда барча илғор тажрибалар ва тармоқларни акс эттиришга ҳаракат қиламиз», — дейди Буриан.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув (КШҲК) 1999 йилдан буён амал қилиб келаётган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг ўрнини босади. Ҳужжатни 2020 йилда имзолаш режалаштирилганди, бироқ пандемия сабабли муддатларга тузатиш киритилди. Шартнома шу йилнинг ўзида имзоланиши мумкинлиги айтилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.