Электр энергияси таъминотидаги узилишлар саккизта вилоят ва Тошкентда кузатилди
Кучли қор ёғиши ва кучли шамол Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишларни келтириб чиқарди. Бу ҳақда “Газета” нашри хабар беради.
Бухоро вилоятида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳудуддаги электр тармоқлари тизимида носозликлар келиб чиққани ҳақида хабар берилди. 15:00га қадар барча ҳудудларнинг электр энергияси таъминоти тикланиши кутилмоқда.
Пайшанба куни, тахминан соат 15:00 дан Хоразм вилоятининг кўплаб ҳудудларида, шу жумладан Урганчнинг маъмурий марказида электр энергия таъминотида узилишлар кузатилди. Ўқувчиларнинг «Газета.uz» га маълум қилишига кўра, соат 23:00 да ҳам одамлар электр энергиясиз бўлган.
Хоразм ҳудудий электр тармоқлари АЖ ўзининг Telegram-каналида узилишлар қийин об-ҳаво шароити билан боғлиқлиги ҳақида хабар қилган. Вилоятда қор ёғиб, кучли шамол кузатилган. Юзага келган электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш учун барча ходимлар жалб қилиниб тезкор ишлар ташкиллаштирилган, дейилади хабарда.
Навоий вилоятида ҳам кучли шамол, ёмғир ва қор кузатилган бўлиб, бу энергия таъминотининг бузилишига олиб келган.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятининг бир қанча ҳудудларида ҳам электр таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар берилган.
Сирдарёда ҳам электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мирзаобод туманида “Тошкент” кичик станциясидан борадиган 10 кВ “Тараққиёт” ҳаво линиясининг 37-таянчида сим узилиши юз берган. Боёвут туманида эса учта трансформатор пунктидаги авария оқибатлари бартараф этилмоқда.
Андижон вилоятида ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда. Андижон вилоятида «Подстанция Андижон» фавқулодда ҳимоя таъсирида 110кВ.ли Гулшан ҳаво тармоғи юқори фазасида шлейф узилган. Оқибатда айрим туманларда автоматик равишда чекловлар киритилгани маълум бўлди.
“Газета” нашрининг ўқувчилари эрталаб Тошкентнинг марказий ҳисобланмаган туманларида ҳам айрим жойларда светофорлар ишламаётгани ҳақида хабар берган.
Тошкент шаҳар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тарқатган хабарга кўра, Юнусобод туманидаги иккита трансформатор пункти орасидаги кабель шикастланган. Ҳозир у ерда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек узилишлар Қорақалпоғистонда ва Тошкент вилоятида ҳам кузатилган, дейилади хабарда.
Шарҳлар