Электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муддати узайтирилди
Ҳукумат Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирларини тасдиқлади, деб ёзади Norma.uz.
Тизимнинг 2022 йил июнь ойигача ишлаши кўзда тутилмоқда, ҳолбуки бундан олдин тизимни жорий этиш ишлари 2020 йил охиригача якунлаш режалаштирилганди.
Ҳужжатда қайд этилганидек, маҳаллий компаниялар – «Toshelectroapparat» МЧЖ ва «Elektron Хisoblagich» МЧЖдан 2,1 млн дона электр ҳисоблагичлар харид қилиниб, республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ўрнатилмоқда. Бироқ асбоб-ускуналар учун тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилмай қолганлиги натижасида етказиб берувчилар олдида жами 636,9 млрд сўм миқдорида қарздорлик юзага келган.
Шу муносабат билан «Ўзинжиниринг» РЛИ томонидан ишлаб чиқилган Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭҲНАТ) жорий этиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини қайта кўриб чиқиш вақти келди. Энди қуйидагилар лойиҳанинг асосий мақсад ва вазифалари бўлади:
- республика бўйича истеъмол қилинадиган электр энергиясини тўлиқ ҳисобга олишнинг ҳамда электр энергиясининг технологик сарф меъёрларини белгилашнинг шаффоф тизимини ўрнатиш;
- қарздор истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиш ҳамда электр тармоқларига ноқонуний уланган истеъмолчиларни аниқлаш;
- истеъмолчилар гуруҳлари кесимида йиллик, ойлик ва кунлик истеъмол қилиш «хулқ-атвори»ни (consumer behaviour) таҳлил қилиб бориш ва ушбу таҳлиллар натижасида республика энергия тизимининг ишлаш режимини энг самарадор тарзда шакллантириш;
- электр энергиясининг табақалаштирилган тарифларини қўллаш учун зарур бўлган аниқ маълумотлар билан таъминлаш;
- электр тармоқларининг ишлаш режимларидаги нуқсонларни, шу жумладан электр энергиясининг технологик сарфининг меъёрдан ортиб кетиш ҳолатларини аниқлаш.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг (ҲЭТ) мавжуд биллинг тизими ўрнига ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳаси доирасида замонавий электр энергияси ҳисобини юритиш, таҳлил ва прогноз қилишнинг комплекс дастурий таъминоти барпо этилади. 10 кун муддатда Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги билан электр энергетика соҳасидаги «ислоҳотлар матрицаси» келишилади ва ижроси бўйича «йўл харитаси» тасдиқланади.
«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини молиялаштириш учун ҲЭТга 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли тўлов даври билан йиллик 7% устама тўлаш шарти асосида 30 млн Евро миқдорида кредит ажратади.
Жорий йилнинг 30 майига қадар маълумотларни қайта ишлаш марказини ишга туширилади ва электр ҳисоблагичлар ва қўшимча асбоб-ускуналарни харид қилиш учун молиялаштириш очилади. Ҳисоблагичларни ўрнатиш ишларини 2021 йил 1 июлга қадар, уларни ЭҲНАТга улаш ишларини эса 2021 йил 1 сентябрга қадар якунлаш кўзланмоқда.
Шарҳлар