Электротехника соҳасининг экспортчиларига харажатларни қоплаш учун субсидиялар тақдим этилди

Ўзбекистон президенти Экспортни илгари суриш агентлигига электротехника соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этишни топширди, хусусан:
 
– 2024 йил 1 январга қадар электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга, шу жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 15 фоизидан, темир йўл транспортида 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этилади;

 – молиялаштириш манбаларидан қатъи назар танловлар (тендерлар) доирасида аванс тўловларини амалга ошириш (қайтариш), хорижий валютадаги шартнома шартларини бажариш ва етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича кафолат муддатларини таъминлаш юзасидан маҳаллий тижорат банкларидан кафолатлар олишда гаров таъминоти сифатида кафолат суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллион АҚШ долларидан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади.

2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январга қадар муддатга ҳисобот даври якунлари бўйича электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкаларни 50 фоизга камайтириш тарзида солиқ имтиёзлари берилади.

Молия вазирлигига Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 2021 йилнинг биринчи, иккинчи ва учинчи чоракларида тенг улушларда 75 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилишини таъминлаш ва кейинги йилларда бюджет параметрларида ушбу мақсадлар учун маблағларни назарда тутиш топширилди.
 
Жамғарма маблағлари тармоқ корхоналарининг ташқи бозорларда ўз маҳсулотларининг жозибадорлигини ошириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориши, тармоқ лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини (бизнес-режалар, техник-иқтисодий асослар ва бошқалар) ишлаб чиқиши, шунингдек, жаҳон бозорини ўрганиш ва маркетинг таҳлилларини амалга ошириш учун халқаро маълумотлар базаларига (ахборот ресурсларига) уланиши билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигачасини қоплайди.

2022 йил март ойидан бошлаб ҳар йили маҳаллий ва хорижий корхона вакиллари, салоҳиятли инвесторлар, экспертлар ва тармоққа алоқадор бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда, Электротехника ва электроника халқаро савдо кўргазмаси (“Uzbek International Electrotechnics & Electronics Fair”) ташкил қилинади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.