ЕТТБ Ипак йўли банкига $20 млн маблағ тақдим этади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан Ўзбекистоннинг йирик хусусий банки ҳисобланган Ипак йўли банкига таклиф этилган янги ҳамкорлик дастури кичик ва ўрта бизнес корхоналарини (КЎБ) ва халқаро савдо билан шуғулланувчи бошқа маҳаллий компанияларни ўз фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча маблағлар билан таъминлайди. Бу ҳақда Anhor.uz таҳририятига ЕТТБ матбуот хизмати хабар беради.
20 млн АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш пакети икки компонентдан иборат бўлади – 15 млн АҚШ долларигача КЎБ учун кредит линияси ва савдони молиялаштириш соҳасида муваффақиятли ҳамкорликни давом эттириш мақсадида ЕТТБнинг Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш дастури доирасида 5 млн АҚШ долларига савдо амалиётларини молиялаштиришга лимитни ошириш.
Кредит линияси ўзбек сўмларида ҳам, қарз олувчи КЎБга қулай бўлиши учун АҚШ долларида ҳам тақдим этилади. Маҳаллий валютадаги кредитлр якуний қарз олувчиларга валюталарни айирбошлаш курси билан боғлиқ эҳтимолий таваккалларни камайтириш имконини беради.
Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш дастури лимитининг ошиши Ипак йўли банкига маҳаллий экспортчилар ва импортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш имконини беради.
Айтиш жоизки, ЕТТБ коронавирус пандемиясига жавоб сифатида иккита кўламли Бирдамлик Ёрдами Пакетларини амалга оширишни бошлаган бўлиб, инқирознинг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтиш масақдида 2020-21 йилларда 21 млрд еврогача миқдорда янги инвестицияларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Айни пайтга қадар ЕТТБ 819 та лойиҳа доирасида Ўзбекистонга 1,8 млрд евро инвестиция қилган.
Шарҳлар