Фарғонадаги “Ватанпарварлар” боғига ўрнатилган плакатда Гитлер аскарлари акс этгани маълум бўлди
Фарғона шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғида “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” сўзлари остида Гитлер аскарлари расми туширилган кўчма плакатнинг ўрнатилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. “Хотира бор экан – миллат барҳаёт” сўзлари остида Вермахт аскарлари расми қўйилган экан. Фарғона вилояти ҳокимлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди, деб ёзади UzNews нашри.
Фотосурат: Telegram
Ҳокимликнинг қайд этишича, сурат Интернетдан совет аскарларининг тасвирини излаш пайтида топилган. Истироҳат боғидаги баннерни «Тасвирий ойна» ижодий бирлашмаси ўрнатган.
«Ҳозирда вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан ўрганиш бошланди. Дастлабки суриштирувга кўра, интернетдан иккинчи жаҳон уруши даври билан оид расмларга қидирув бериб, етарли билимсизлик туфайли тасодифий расмни олингани, плакат дизайнида фойдаланилгани маълум бўлди. Ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади. Ҳозирда у кўчма плакат “Ватанпарварлар” боғидан олиб ташланди, ўрнига иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилади», – дейилади хабарда.
Шарҳлар