«Фергана» журналисти “сохта ахборотни тарқатганлик” моддаси бўйича жаримага тортилди

Яккасарой туман суди тошкентлик журналист Сид Янишевни сохта ахборот тарқатганлик ҳақидаги иш бўйича жаримага тортди. бу ҳақда “Фергана” нашри хабар беради.
 
«Судья Хусанбой Парпиев мени Маъмурий кодекснинг 202-2 моддаси бўйича айбдор деб тан олиш ҳақида қарор чиқарди (у бўйича максимал жазо – 50 БҲМ) ҳамда шу кодекснинг 31-моддасини қўллаган ҳолда 5 базавий ҳисоб миқдорида, яъни 1 225 000 сўм ($116) жарима тайинлади», — дейди журналист.

У судьянинг ҳукмини “ғалаба” деб атади, бироқ қурувчи ташкилот Tako Sales МЧЖ вакили судда ундан компания фойдасига бир миллиард сўм миқдорида моддий зарарни ундиришни талаб қилди, аммо “судья зарарни ундириш учун уни фуқаролик судига жўнатди”.

Суд муҳокамасига журналистнинг “SOS-Узбекистан” гуруҳида қолдирган Тошкентнинг Яккасарой туманида 24 қаватли Modera Towers тураржой мажмуаси қурилишига ва маҳаллий аҳолининг унга нисбатан кўрсатаётган қаршилигига бағишланган пости сабабчи бўлган.  Янишев бир неча ой давомида ушбу мавзуни кузатиб келади, бу ҳақда “Фергана”да чоп этилган мақоласи ҳам бағишланган.
 
Янишев ўзининг Facebook тармоғида 18 апрель кунги постида яна шу лойиҳа ҳақида ёзади ва у шу атрофда жойлашган 160-мактаб учун хавфли эканини, мактаб директори кўп қаватли уй қурилишига розилик бериш учун пора олганини маълум қилади. Кейинчалик журналист пора ҳақида унга бир неча киши маълум қилганини айтган бўлса-да, эртаси куни у бу сатрларни олиб ташлашга қарор қилади, чунки у юридик жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин эди. Бироқ бу пайтга келиб, мактаб директори экрандан сурат олган ва  Tako Sales қурилиш компаниясининг директори билан боғланган. Улар биргаликда расмий шикоят берган.
 
Ушбу иш бўйича биринчи суд мажлиси 21 апрель куни ўтказилди. 22 апрель куни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) Сид Янишевни қўллаб-қувватлаган ва Ўзбекистон ҳукуматидан унга қарши айбловни олиб ташлашни ва унга эркин ишлаш имконини беришни талаб қилган ҳолда пресс-релиз чоп этган.
 
Фотосурат: Фергана
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.