Freedom House ташкилоти Ўзбекистонни “эркин бўлмаган мамлакатлар” рўйхатига киритди
Freedom House Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти «Дунёдаги эркинлик-2020» рейтингида Ўзбекистонни “эркин бўлмаган мамлакатлар” рўйхатига киритди.
4 март куни чоп этилган маърузага кўра, Ўзбекистонда эркинлик даражаси 100 та баллдан 10 балл олган. “Фуқаролар эркинлиги” мезони бўйича республика 8 балл, “сиёсий эркинликлар” бўйича эса 2 балл олган.
“Эркин бўлмаган мамлакатлар” рўйхатига Ўзбекистондан ташқари 48 та мамлакат ва ҳудуд киритилган, шу жумладан, Қозоғистон (23 балл), Россия (20 балл), Тожикистон (9 балл) ва Туркманистон (2 балл).
Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистон энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб, у 39 балл билан “қисман эркин мамлакатлар” рўйхатидан жой олди. Freedom House ташкилоти қисман эркин мамлакатлар рўйхатига Қирғизистондан ташқари Грузияни (61 балл) ва Украинани (62 балл) ҳам киритган.
Энг эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатидан эса Туркманистон билан бир қаторда Шимолий Корея, Эритрея, Жанубий Судан ва Сурия ўрин олди.
Эркин мамлакатлар рўйхатида (жами 83 та мамлакат) Финлияндия, Норвегия ва Швеция олдинги ўринларда бормоқда. Ушбу мамлакатларнинг ҳар бирида 100 та миёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликларининг ҳаммасига амал қилинади. Ушбу тоифага Европа Иттифоқининг деярли барча мамлакатлари ҳамда АҚШ ва Канада ҳам киритилган.
Маърузада жами 195 та мамлакатдаги ва алоҳида ҳудудлардаги эркинлик даражасига баҳо берилган.
Шарҳлар