ФВВ Сардоба сув омборидаги ўпирилиш бўйича хулоса берди

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокида бўлиб ўтган брифингда Сардоба сув омбори ўпирилиши сабаблари ҳақида расмий хулосани эълон қилди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.  

Биринчидан, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилган. Шунингдек, иншоотни тўлақонли эксплуатация қилишда мазкур сув омборидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланмаган, бу жараёнда белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилган.
 
Иккинчидан, “UzGip” МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан сув омборининг ишчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида тасдиқланган Техник-иқтисодий асосларда белгиланган ечимларга риоя қилинмасдан, унга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатларида тўғоннинг конструктив ва сейсмик мустаҳкамлиги инобатга олинмаган.

Учинчидан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг пудрат ташкилоти ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари томонидан тўғон танаси тупроғининг зичлиги, фильтр ва ҳимоя тош қатлами қалинлиги лойиҳавий кўрсаткичдан паст бўлишига йўл қўйилган.

Айни вақтда Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш, қуриш ва тўғоннинг эксплуатацияси жараёнида хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳолати бўйича буюртмачи, лойиҳачи, қурилиш ташкилотлари ҳамда эксплуатация хизматининг 17 нафар мансабдор ва мутасадди шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.
 
Уларга нисбатан айблов хулосаси Олий суд муҳокамасига ўтказилган.

Ҳозирги кунда сув омборини қуриш учун ажратилган бюджет маблағларининг қонуний сарфланганлиги юзасидан жиноят иши доирасида тафтиш ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.