Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия: «Қандай кийим кийишни, шубҳасиз, ҳар ким ўзи ҳал қилади»
12 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани давомида Сенат ва Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссиясининг раиси Танзила Нарбаева, бутун республика бўйлаб дипломат-аёллар, ўқитувчилар, тиббий ходималар, уй бекалари қандай кийиниши кераклигига бағишланган модалар намойиши бўлишини билдирди. Бу ҳақда Repost.uz нашри ёзади.
Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссиянинг қайд этишича, “Нафосат” фестивалини ўтказиш ғояси ижтимоий тармоқларда нотўғри қабул қилинган ва нотўғри талқин этилган.
«Шу муносабат билан, Комиссия хотин-қизлардан бундай тадбирни ташкил этиш бўйича келиб тушаётган таклифларни қўллаб-қувватлаганини ватандошларимизга маълум қилмоқчимиз. Фестивалнинг мақсади – миллий қадриятлар ва замонавий кийиниш модаси йўналишларини бирлаштиришдир. Фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад хотин-қизларнинг замонавий қиёфасини яратиш бўйича дизайнерларимиз ва стилистларимизнинг саъй-ҳаракатларини амалга оширишга ёрдам бериш, шунингдек, хотин-қизлар эътиборига кийим-кечак намуналарини тақдим этишдир. Қандай кийим кийишни, шубҳасиз, ҳар ким ўзи ҳал қилади».
Комиссия инсон қадр-қиммати камситилишига қарши. Фестивалнинг ўтказилиши хотин-қизларни бирор-бир ҳаракатга мажбурлаш ёки уларга бирор-бир ғояни сингдиришга қаратилган эмас.
Бош саҳифадаги фотосурат: Лола Йўлдошева
Шарҳлар