Google Ўзбекистонда “Google солиғи”ни тўлаган биринчи компанияга айланди

Google Ўзбекистонда “Google солиғи”ни тўлаган биринчи компанияга айланди

Google Commerce Limited компанияси жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи сифатида 85 минг евро тўлади. бу ҳақда “Фергана” нашри Давлат солиқ қўмитасига таянган ҳолда хабар беради. Шундай қилиб, тилга олинган ташкилот республикада «Google солиғи» жорий этилганидан кейин ҚҚС бўйича тушумни амалга оширган биринчи интернет-компанияга айланди.
 
Солиқ 2020 йил январида жорий этилган эди. У интернет орқали Ўзбекистондаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатувчи чет эл компанияларига 15% миқдорида ҚҚС тўлаш мажбуриятини юклайди. Солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтишга аризалар олиш учун ДСҚ махсус сайт очган. Рўйхатга қўйиш ишлари апрель ойида бошланган. Биринчи бўлиб дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва булутли ҳисоб-китоблар амалга ошириш хизматларини тақдим этадиган Германиянинг Cleverbridge AG компанияси рўйхатдан ўтди.
 
23 апрель куни рўйхат яна саккизта компанияга кўпайди: Xsolla Inc ва Google Voice Inc (АҚШ), Google Commerce Limited, Apple Distribution International Limited ва Google Ireland Limited (ҳаммаси Ирландияда рўйхатдан ўтган), Activision Blizzard International BV ва Netflix International B.V. (Нидерландия), шунингдек Жанубий Кореянинг Samsung Electronics Co., Ltd компанияси.

«Ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтиш чет эл компаниялари ўз нуфузини қадрлашидан ва ўзларининг пуллик хизматларини тақдим этадиган мамлакатлар қонунларини ҳурмат қилишидан далолат беради», — дея қайд этади ДСҚ вакиллари.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.