Халқаро авиакомпаниялар йўловчилар ҳақидаги ахборотни ДХХга тақдим этадиган бўлди
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) стандартлари ва тавсия этиладиган амалиётини ҳисобга олган ҳолда чегара назорати тартиб-таомиллари самарадорлигини ошириш ва соддалаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилишининг мажбурий тартиби жорий этилди. Бу ҳақда Давлат туризм қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига таянган ҳолда хабар беради.
2020 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Ўзбекистон Республикасига парвозларни амалга ошираётган хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар ИКАОнинг стандарт форматида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига тақдим этилади.
Йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар билан ишлаш ДХХ ЧҚ томонидан ишлаб чиқиладиган тизим бўйича амалга оширилади. Хорижий мамлакатлар авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХ ЧҚга халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилиши тўғрисида хабардор қилинадилар.
«Ўз навбатида, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келишлари, бўлишлари ва республика ҳудудидан чиқиб кетишларида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади», – дейилади хабарда.
Маълумот учун: ИКАО стандартлари техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини ёки мунтазамлигини таъминлаш учун зарурдир.
Шарҳлар