Хоразм вилоят прокуратураси 19 ёшли ҳомиладор қизнинг ўлимини тергов қилмоқда

Хоразм вилоят прокуратураси ўз эрининг уйида калтакланганидан кейин 1 апрель куни осилган ҳолатда топилган 19 ёшли ҳомиладор Мухлиса Қадамбоеванинг ўлимини тергов қилишни бошлади. Бу ҳақда “Медиазона” ёзади.
 
Идора тергов қайси модда бўйича олиб борилаётганига аниқлик киритмаган. Вафот этган қизнинг қариндошлари айтишича, улар ҳозирга қадар суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасини олишмаган.
 
Оила аъзоларининг сўзларига кўра, қиз ўлимидан бир кун олдин калтакланган бўлиб, у онасидан уни эрининг уйидан олиб кетишларини, акс ҳолда ўлишини айтган. Бироқ она қўшнилар орасида миш-мишлар тарқалмаслиги учун “ҳамма жойи кўкариб кетган қизини” олиб кетмаган. Ўзининг ўлим олди хатида Қадамбоева “Отам ва онам мени кечирсин, мен уларни кечирдим” деб ёзади.
 
Қиз қариндошларининг айтишича, Мухлиса Қадамбоевани калтаклашлар ва уни хўрлашлар ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган тўйдан икки ҳафта ўтиб бошланган.

Бош прокуратуранинг Anhor.uz нашрига берган маълумотига кўра, марҳума Шовот туманининг “Қатқала” маҳалласида яшаган.
 
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотларига кўра, Қадамбоеванинг ўлими асфиксия натижасида юз берган.
 
Хабарда айтилишича, Мухлиса Қадамбоева ва унинг оила аъзолари никоҳ даврида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки маҳаллага мурожаат қилмаган. Қадамбоеванинг эри М.Янгибоев ва унинг оила аъзолари нотинч оилалар рўйхатига киритилмаган.

Скрин: “Яндекс Карты!”

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.