Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани аҳолиси ичимлик сувини кунига бир марта олмоқда
Хоразм вилояти Янгиариқ тумани «Собурзон» маҳалласида одамлар қувурлар ёриғидан сизиб чиқаётган сувни ичишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Kun.uz хабар беради.
2017 йилда маҳалладаги Шиддат, Ойдин, Муножот ва Муҳташам кўчаларида ичимлик суви тармоғи таъмирланиб, янги қувурлар ётқизилган. Одамлар «Туямўйин-Урганч» МСҚФ Янгиариқ тумани бўлими билан шартнома имзолаб, шахсий маблағлари эвазига тармоққа уланиб, олдиндан тўловни ҳам амалга оширишган.
Аммо орадан 3 йил ўтган бўлса-да, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар тўлиқ ҳал қилинмаган. Мутасадди ташкилотларга бу борада қилинган мурожаатлар бўйича турли ваъдалар берилган бўлса-да, муаммо ўз ечимини топмаган.
Ҳозирги вақтда аҳолига ичимлик суви тармоқ орқали кунига бир марта, муайян соатда етказиб берилмоқда. Аммо кўчаларнинг узоқ чеккасидаги уй-жойларга сув етиб бормаяпти, борган тақдирда ҳам босим жуда пастлиги туфайли, ундан фойдаланиш имкони деярли йўқ.
Ўрганиш жараёнида маҳаллага сув етказиб берувчи қувурлар 2 жойда ёрилиб ётгани маълум бўлди. Жумладан, Ойдин кўчасининг бошидаги ичимлик суви тармоғи қудуғидан сув сизиб чиқяпти ва бебаҳо неъмат беҳуда сарфланиб, ҳисобсиз ва назоратсиз тарзда далага оқиб ётибди.
Иккинчи авария ҳолати Янгиариқ – Хонқа йўли чеккасида юз берган. Бу жойда ҳам тоза ичимлик суви қувурдан сизиб чиқиб, назоратсиз тарзда далага оқиб ётибди Маҳалла аҳолиси ичимлик суви муаммосидан қутулиш учун ер остидан олинадиган сифатсиз сувни ичишга мажбур бўлмоқда.
Шу йил мартида бу соҳада янги тартиб ўрнатилган. Жумладан, Янгиариқ туманидаги ичимлик суви етказиб бериш ва қувурлар эксплуатацияси, уларни таъмирлаш ишлари давлат хусусий шерикчилигидаги «City Building Tale» корхонасига топширилган. Унинг раҳбари Жаҳонгир Саидов яқинда иш бошлаганини, Собурзондаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммолардан хабардорлиги, бу борада фуқаролар мурожаати борлигини айтди. Бу муаммолар ўрганилиб, ечим топилишига ваъда берди.
Бош саҳифадаги фотосурат: Kun.uz
Шарҳлар