Хоразмда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари куч ишлатганликда айбланмоқда
2 сентябрь куни Xorazm Online номли YouTube-канали Хоразм вилоятининг Шовот туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.Ҳакимовнинг Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаатини чоп этди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар беради.
З.Ҳакимов унинг қўшни уйда истиқомат қилувчи акаси Ж.Ҳакимов 26 август куни фарзандининг туғилган кунига уйига меҳмонлар чақиргани ва ундан хизмат борасида ёрдам беришини илтимос қилганини маълум қилган.
«Тунда соат 1:30 да ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари эшикни бузиб кириб, уйга бостириб кирган ва ҳаммага ерга ётишни буюрган. Биз ерга ётдик. Улар бизни “дубинка”лар билан ура бошлашган. Чўнтакларидан ҳамма буюмларини чиқаришларини сўраган. Биз буйруқни бажардик… Ҳаммани “дубинка” билан уришди. Столни синдиришди, идиш-товоқларни синдиришди. Болалар ва аёллар йиғлади», — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, уйга 10 дан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходими ҳамда 4-5 киши фуқаролик кийимида ва ниқобларда кирган.
З.Ҳакимовнинг таъкидлашича бунга қарта ўйини сабабчи бўлган. Унинг айтишича, соат тахминан 2:00-3:00 да уларни Шовот туман ИИБга олиб боришган, видеокамералар ўрнатилмаган учинчи қаватга олиб чиқишган ва ҳақорат қилиб, ура бошлашган. Уларга қамоқ жазоси, жарималар билан таҳдид қилишган ва жим юришни буюриб, уйга қўйиб юборишган.
Видеоёзувда жабрланганлар ўз баданидаги шикастланишларни кўрсатаётганини кўриш мумкин, шунингдек тиббий ходим диагнозни ҳам айтган.
Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси 3 сентябрь куни ушбу вазият бўйича маълумот берган. Унга кўра, видеолавҳада 26 август куни Хоразм вилоятининг Шовот туманида ташкил этилган қиморхонани фош этиш вақтида ижтимоий хавфли қилмишларига чек қўйилган бир гуруҳ фуқаролар томонидан мурожаат йўлланганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Суриштирувнинг дастлабки натижаларига кўра, 26 август куни Шовот тумани Ички ишлар бўлимига туманнинг «Роят» маҳалласида яшовчи фуқаро маҳалладоши Ж.Ҳакимовнинг хонадонида шубҳали шахслар йиғилганлиги тўғрисида хабар берган.
Суриштирувнинг дастлабки натижаларига кўра, 26 август куни Шовот тумани Ички ишлар бўлимига туманнинг «Роят» маҳалласида яшовчи фуқаро маҳалладоши Ж.Ҳакимовнинг хонадонида шубҳали шахслар йиғилганлиги тўғрисида хабар берган.
Ўтказилган жараёнда, фуқаро Ж.Ҳакимовнинг уйида қонунга зид равишда қимор ўйинини ташкил этиб, йирик миқдорда пул тиккан ҳолда, қимор ўйинларида иштирок этаётган жами 21 нафар шахс ушланган. Улардан қиморга тикилган 43 млн сўмдан ортиқ қийматдаги пуллар, бир нечта пачкада ўйин карталари ва совуқ қуроллар (пичоқлар) ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Айни кунда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 278-моддаси 1-қисми (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бошқарма хабарида айтилишича, «қиморбозларни қўлга олиш жараёнида улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига қаршилик кўрсатиб, ҳодиса жойидан қочишга уринганлар, фақатгина ходимлар томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида бунинг олди олинган».
Шарҳлар