Хориждан келтирилган автомобилларни расмийлаштириш жараёни соддалаштирилди
Ўзбекистонда хорижда харид қилинган ёки олиб кирилган автомобилни расмийлаштириш ишлари соддалаштирилди. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига имтиёзлар тақдим этилади ҳамда бюрократик тўсиқлар бартараф қилинади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган транспорт воситалари “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизматининг ҳудудий бўлинмаларида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга мувофиқ божхона назоратидан ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
Бундан олдин талабларга мувофиқ божхона назорати ва расмийлаштириш ишларидан кейин транспорт воситаси ўн кун давомида ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилиши ҳамда ушбу процедурани амалга ошириш учун транспорт эгалари божхоначилар томонидан бериладиган автотранспорт воситаси олиб кирилгани ҳақидаги гувоҳномани тақдим этишлари керак бўларди.
Энди божхонада расмийлаштирилганлик ҳақидаги маълумотлар ИИВ Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмаларига божхона органлари томонидан электрон кўринишда онлайн-режимда юборилади. Автотранспорт воситасини ИИВда рўйхатдан ўтказиш учун шу маълумотнинг ўзи етарли бўлади.
Бундан ташқари, автомобиль эгаси алмашганида ёки гувоҳнома йўқолганида (яроқсиз ҳолга келганида), дастлабки беш йил давомида аввалгидай божхона органларига ёзма ариза билан мурожаат қилиш талаб этилмайди. Барча зарур тузатишлар электрон кўринишда киритилади.
Шунингдек, гувоҳномани расмийлаштириш учун ундириладиган транспорт воситасининг турига қараб 25 евродан бошланадиган божхона йиғими ҳам бекор қилинди.
Шундай қилиб, автомобиль эгалари чет элда ишлаб чиқарилган машиналарни республикада харид қилган ҳолда ўз вақтлари ва пулларини тежашлари мумкин, дея хабар беради Спутник нашри.
Шарҳлар