Ҳожатхоналарни таъмирлашга ўқитувчиларни жалб қилган амалдор 11 млн сўмга жаримага тортилди
Нарпай туман халқ таълими бўлими мудири Мирзоҳид Йўлдошев ўқитувчиларни ҳожатхона таъмирлашга мажбурлагани учун 11 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.
Вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш жараёнида Нарпай тумандаги 32-мактаб директори Жўрақул Холмуродов туман ХТБ мудири томонидан мактаб ҳожатхонасини таъмирлашга мажбурлангани маълум бўлган. Директорнинг айтишича, у ҳожатхонани таъмирлаш учун сантехника жиҳозларини ҳам ўз ҳисобидан сотиб олган.
Текширув ишлари бундай воқеа бошқа мактабларда ҳам содир бўлганини ҳам кўрсатди.
Тумандаги 33-мактаб директори Зуҳра Даминова ҳам ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев унга мактаб ҳожатхонасини таъмирлашни буюрганини, агарда бажармаса ишдан бўшатиш билан таҳдид қилганлигини маълум қилган.
Тумандаги 1, 10, 12, 22-мактаб директорлари Т.Саъдинов, Б.Отақулова, М.Очилова, Э.Болтаевлар ҳам мудирнинг ноқонуний талаби ҳақида айтиб берган..
Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси инспекторининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларга кўра, Нарпай туман ХТБ мудири Мирзоҳид Йўлдошев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмида (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлиги сабабли, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 11 миллион 150 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.
“Дарё” нашри май ойи охирида педагогларни ишларга жалб этиш топшириғи туман ҳокими Ботир Жабборов томонидан берилгани қайд этилганди
Шарҳлар