Ҳудудлардаги «караоке» залларининг ташкилотчиларига харажатлар қоплаб берилади
Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2020 йилдаги 433-сонли қарори билан Тадбиркорлик субъектларига грантлар бериш, компенсация ва молиявий ёрдам кўрсатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳамкорлари – нодавлат нотижорат ташкилотларини институционал қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz нашри ёзади.
Низомда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси грант маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни амалга ошириш тартиби белгиланган:
· Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш;
· тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида «караоке» заллари ташкил этиш;
· туристик кўнгилочар муассасаларни ташкил этиш;
· фаолияти туризм соҳаси билан боғлиқ бўлган жамоат ташкилотларини институционал қўллаб-қувватлаш.
Талабгорларнинг аризаларини кўриб чиқиш ва молиявий ёрдам маблағларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг буйруғи билан махсус комиссия тузилади. Грант битта лойиҳанинг 30%и, лекин 3 млрд сўмдан ошмаган миқдорда ажратилади. Грантларнинг умумий миқдори Жамғарманинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, даромадлар ва харажатлар сметасида тасдиқланади.
Тадбиркорлик субъектларига республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) туристик кўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида қуйидаги турлар бўйича 10 млн сўм миқдорида компенсация тақдим этилади: лазертаг, бассейн, квест-анимация, роллердром, велодром, мотокросс, картинг, спорт лабиринти, батут маркази, пейнтбол, кузатув минораси, джампинг, флайбординг, парашютдан сакраш, планетария, караоке заллари, мюзик-холл, рақс клуби ва бошқа инновацион туристик объектлар.
Компенсация маблағларининг умумий суммаси йилига 1 млрд сўмни ташкил этади.
Шарҳлар