Humans компанияси Ўзбекистонда бешинчи уяли алоқа операторига айланди
Шу йил август ойида Humans компанияси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг мобил алоқа хизматларини кўрсатишга рухсат берувчи № АА 0007069 сонли лицензиясини олди. 19 августдан бошлаб 15 сентябрга қадар компания SIM-карталар ва Humans банк карталарига олдиндан буюртмалар олади. Бу ҳақда компания раҳбари Владимир Добринин маълум қилди.
Humans компанияси икки ойлик фаолиятга якун ясади ва яқин келажакка мўлжалланган ривожланиш режаларини эълон қилди. Компания томонидан анонс қилинган маҳсулотлар ичида мобил оператор, банк картаси хизматлари, товарлар ва хизматларнинг онлайн-витриналари бор. Шунингдек компания ўзининг барча садоқатли мижозларига 15 минг бонусли сўм ўтказиб берди.
«Биз Ўзбекистонда мобил алоқа қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тасаввурни буткул ўзгартирамиз. Сизга қанча трафик кераклигини ўзингиз танлашингиз мумкин. Сиз трафик пакетидан тўлиқ воз кечишингиз ва, аксинча, ўзингизга лимитсиз интернетни уч, ўн ёки ўттиз кунга улаб олишингиз мумкин», – дейди Добринин.
Humans уяли алоқа операторининг пуллик хизматлари ва банк карталаридан сентябрь ойида фойдаланиш мумкин бўлади.
«15 сентябргача олдиндан буюртма берган кишиларга депозит учун Лимитсиз алоқа хизмати очиқ бўлади. Ушбу хизматга уланганлар, агар уларнинг ҳисобида камида 300 000 UZS бўлса, бир ой давомида лимитсиз ва бепул алоқадан фойдаланиши мумкин бўлади», — дейди компания асосчиси ва раҳбари.
Шарҳлар