Хусусий клиникалар ва шифокорлар Covid-19 ни даволаш стандартларини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилди
Ўзбекистонда коронавирусли беморларни қабул қилаётган хусусий клиникалар даволаш стандартларини бузганлиги учун лицензиясидан маҳрум этилади. Бу ҳақда Kun.uz нашри Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)га таянган ҳолда хабар беради.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида COVID-19 инфекциясини аниқлаш ва даволашда қатнашаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Маълум бўлишича, Тошкентда жами 14та хусусий клиника коронавирусга чалинган беморларни қабул қилмоқда. Шулардан фақат 7таси даволашни бошлаш учун санитария-эпидемиология қоидалари ва даволаш стандартларига риоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома имзолаган.
«COVID-19 инфекциясини даволаётган хусусий тиббиёт ташкилотларининг аксариятида зарур тиббий асбоб-ускуналар етишмайди, тегишли мутахассислар мавжуд эмас. Энг ачинарлиси, улар орасида санитария-эпидемиология қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга риоя қилмасдан иш юритаётганлари мавжуд.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Анестезиология ва реаниматология кафедраси ассистенти Алла Росстальная хусусий клиникаларда COVID-19 инфекциясидан даволанаётган беморларга юритилган касаллик тарихларини таҳлил қилар экан, уларга керагидан ортиқ дори-дармонлар, тегишли кўрсатма мавжуд бўлмаса-да, икки ва ундан ортиқ антибиотиклар берилгани, даволаш стандартларига зид равишда инфузион суюқликлар қуйилганлигини кўрсатиб берди.
Мутахассисларнинг хулосаларига кўра, COVID-19 инфекцияси билан касалланишнинг дастлабки босқичида турли инфузион суюқликлар билан даволаш, биттадан ортиқ антибиотикни қўллаш касалликнинг тез суръатларда оғир шаклига ўтиб кетишга сабаб бўлмоқда. Мониторинг давомида хусусий тиббиёт ташкилотларида айнан шундай хатоликларга йўл қўйилгани қайд этилди», – дейилади расмий релизда.
Шу боис Ўзбекистонда COVID-19 билан касалланган беморларни белгиланган даволаш-профилактика муассасаларидан бошқа жойларда инъекцион ва инфузион дори воситаларидан фойдаланган ҳолда даволаш ва шифокор буюрган муолажаларни амалга ошириш тақиқланди.
Тақиқ Соғлиқни сақлаш вазирининг 6 август куни қабул қилинган «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида»ги буйруғи билан жорий этилган.
Унга кўра коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун мослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан ташқарида беморларни даволамаслик ва белгиланган муолажаларни олиб бормаслик тўғрисида мамлакатдаги барча тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан кафолат хатлари олинади.
Нодавлат тиббиёт ташкилотлари раҳбарларига ҳам ушбу қоидага амал қилиш тавсия этилди.
Эндиликда, мазкур тартибга риоя қилмаган ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирининг 5 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги буйруғига ва «COVID-19» билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар»нинг 6-нашрида белгиланган тартиб ва тавсияларга зид ҳаракат қилган деб топилиб, жавобгарликка тортилиши қатъий белгилаб қўйилди.
Шарҳлар