ИИББ: Электр узатиш устунидан сакрашга уринган аёл моддий ночор аҳволда бўлган
Ижтимоий тармоқларда юқори вольтли электр узатиш симлари устунига чиқиб олган аёлни кас эттирувчи видео тарқалди.
Воқеа 6 август куни Тошкентнинг Олмазор туманида содир бўлган, дея хабар беради ИИББ. Хусусан, профилактика инспекторлари А.Каримов ва З.Жабборберганов ҳамда патруль-пост хизматининг автоэкипажи Кичик ҳалқа йўли кўчасида юқори вольтли электр узатиш симлари устунига чиқиб олган аёлни кўриб қолади. Аёл атрофида тўпланган кишиларга баландликдан сакрашини айтган.
«ИИББ ходимлари тасодифан шу атрофда бўлган Сирғали туман 8-сонли ёнғин-қутқарув қисмининг мутахассиси оддий аскар Шерзодбек Нурмухамедов билан биргаликда устунга чиқиб аёлни пастга туширишган ва Олмазор туман ИИБ га олиб боришган. Аёл 36 ёшли Д.У. экани, Фарғона вилоятида туғилгани, вақтинчалик пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилиши аниқланган. Аёлнинг ушбу хатти-ҳаракатига нима сабаб бўлгани ҳақида саволга у ишсиз эканини, шу боис жуда қийин молиявий аҳволда қолганини айтган», – дейилади хабарда.
Д.У. га ярим фабрикатлар ишлаб чиқарувчи корхонага ишга киришга ёрдам берилди ҳамда икки миллион сўм миқдорида моддий ёрдм кўрсатилди. Айни пайтда аёл билан руҳшунос ишламоқда.
Шарҳлар