ИИББ италиялик актёр ва моделнинг Тошкентда жон берганини тасдиқлади
Бундан олдин ОАВда италиялик актёр ва модель Гено Жоржонинг ўлими ҳақида хабар тарқалганди. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, “ўлим жасад топилган санадан бир неча кун олдин юз берган”.
Тошкент шаҳар ИИББ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматининг маълумотларига асосан, Гено Жоржо турист сифатида Тошкентга 9 февраль куни Малайзиядан келган.
10 февраль куни Жоржо Миробод туманидаги квартирада рўйхатдан ўтган. У квартирани Италиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари орқали 30 кунга ижарага олган.
16 февраль куни элчихона вакиллари Жоржо яшаётган квартирага келган, чунки у 10 февралдан буён алоқага чиқмаётганидан ташвишланган қариндошлари элчихонага сурожаат қилган.
«Уй қўнғироғини чалишганида, ҳеч ким эшикни очмаган, шу боис улар квартира эгаси Б.Ф.ни чақиртиришган ва жасад унинг иштирокида топилган», – дейилади хабарда.
Квартира эгасининг сўзларига кўра, 10 февраль куни Жоржо у билан телефон суҳбатида мазаси қочганидан шикоят қилган ва ўша кундан кейин улар бошқа мулоқот қилмаган.
«Қўшнилар Б.Ф.нинг квартирасида кимдир яшаётганидан хабари бўлган, аммл шовқин эшитишмаган, квартирага кимдир киргани ёки ундан чиққанини кўришмаган», – дея қайд этилади хабарда.
Шарҳлар