ИИВ Андижонда келиннинг зўрланиши ҳақидаги ишни ёпиши мумкин
Андижонда 5 эркак ҳомиладор келинчакни зўрлагани ҳолати бўйича жиноий иш очилгани ҳақида маълум қилинганди.
ИИВ Ахборот хизмати хабарига кўра, суд тиббий экспертизасининг хулосасида жабрланувчи О.О.нинг баданида зўрлик аломатлари билан боғлиқ тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги аниқланган. Шунингдек, криминалистик текшириш экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчининг кийимларида гумондорларнинг кийимларига тегишли толалар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Жабрланувчи яқин қариндошлари ва ҳимоячиси иштирокида сўроқ қилинганида, уни ҳеч ким зўрлаб номусига тегмаганлигини, айрим шахслар (қонунчиликка асосан шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланади) моддий манфаатдор бўлиш эвазига уни зўрлаб номусига текканлиги ҳақида ариза ва кўрсатма беришга мажбур қилганлигини, агарда ушбу кўрсатмани бермаса турмуш ўртоғи билан бирга яшаттирмасдан, ажратиб юборишларини айтганлиги сабабли иложсизликдан ёлғон кўрсатма берган.
Ўтказилган терговда аниқланишича, жабрланувчи айтган 5 гумондор воқеа содир бўлган куни дала шийпонида умуман бўлмаган.
Айни пайтда тўпланган далилларга асосан жиноят ишининг гумондорларга тегишли қисмини ЖПКнинг 83-моддаси билан тугатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шарҳлар