ИИВ қамоқхоналар раҳбарларига маҳбусларнинг хатларини ўқишни тақиқлашни таклиф этмоқда
Ўзбекистон қамоқхоналари раҳбариятига маҳбусларнинг хатлари омбудсман ёки бизнес-омбудсман номига йўлланган бўлса, уларни ўқишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш порталида чоп этилган қонун лойиҳасида сўз боради, деб ёзади Sputnik нашри.
Ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан таклиф этилиб, 9 март куни порталга жойлаштирилди.
ИИВ Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига ва Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига йўлланган мурожаатларни 24 соатдан кечиктирмасдан жўнатишни таклиф қилмоқда.
«Омбудсман ва бизнес-омбудсманнинг жавоби муассаса маъмурияти томонидан кўриб чиқилиши мумкин эмас, у дарҳол ариза берувчига етказилиши керак», – дейилади қонун лойиҳасида.
Шунингдек, унда суд, прокурор, ҳимоячи ёки тергов ўтказишга ваколати бўлган давлат органларига ҳамда жиноят ишини олиб бораётган мансабдор шахс ёки органга йўлланган аризалар, шикоятлар ва таклифлар ҳақида ҳам сўз боради.
Улар цензура қилинмаслиги ва кейинги иш кунидан кечиктирмасдан муҳрланган кўринишда жўнатилиши ёки олувчига етказиб берилиши зарур.
Лойиҳа муҳокамаси 24 мартгача давом этади.
Шарҳлар