Икки партия оммавий тартибсизликларга даъват этганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этишни таклиф қилди

«Миллий тикланиш» ва «Адолат» партияларининг Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда «Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлади, деб ёзади “Газета” нашри.

Унга мувофиқ, ЖКнинг 244-моддаси ўзгартирилмоқда. Ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка, оммавий тартибсизликка ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилиш — жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига 1-қисмига қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, фуқароларни Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилиш каби ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солинади.

«Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуннинг 12-моддаси 1-қисми қўшимча билан тўлдирилмоқда. Унда веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги саҳифасида:

·         оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиши;
·         жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиши;
·         жамиятга, давлатга, давлат рамзларига (миллий ва умуминсоний қадриятларга) ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиши;
·         порнография, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўз жонига қасд қилишга даъват этиши. Россиядага шу каби нормани ўзида акс эттирган қонун 2019 йилнинг март ойида қабул қилинган эди;
·         вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ва бошқа тарзда жалб қилишга йўналтирилган ахборотни тарқатиши;
·         референдум тўғрисидаги ва сайлов ҳақидаги қонунчиликда назарда тутилган чекловларга риоя этмаслиги;
·         фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини уларнинг розилигисиз жойлаштириши;
·         ва бошқалар тақиқланади.

Қўшимчаларга мувофиқ, ўзига хабар юборилиши учун ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига, шу жумладан тезкор хабарлар алмашиш тизимларига электрон почта манзилини, қонунни бузган ҳолда тарқатилаётган ахборот тўғрисида мурожаатлар юборилиши учун ўз исм-шарифининг бош ҳарфларида, фамилиясини (жисмоний шахс учун) ёки номини (юридик шахс учун) жойлаштириши ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-саҳифасида интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимида изоҳ берувчи шахслар турган мамлакатни идентификацияловчи ноёб манзил (IP-манзил) тўғрисидаги маълумотларни акс эттириши шарт эканлиги белгиланмоқда.
 
Энди қонун лойиҳаси қуйи палата йиғилишида кўриб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.