Икки ва ундан ортиқ фарзандли оилаларга олий ўқув юртларида шартнома асосида ўқиш учун имтиёзли кредитлар тақдим этилади
Бўлиб ўтган Ёшлар форумида давлат раҳбари олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган икки ва ундан ортиқ фарзандли оилаларга имтиёзли таълим кредитлари тақдим этилади, дея хабар беради президент матбуот хизмати.
«Кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Агар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади», – дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, келгуси ўқув йилидан бошлаб республикадаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилади.
2021 йилдан бошлаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтириш бўйича кўрсатма берилди.
«Бу ишларимизни давом эттирган ҳолда, келгуси йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларимизда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказларини ташкил қиламиз. Ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади. Яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилади», – қайд этади президент.
Шарҳлар