Instagram учун видео тасвирга олган ўсмирлар метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарликка тортилди

Тармоқда метрода поезд ҳаракатланаётган пайтда оёқлари билан вагон тутқичини ушлаб олган ва осилиб турган ҳолда қичқираётган ўсмир болани акс эттирувчи видео тарқалди. Бу ҳақда UzNews хабар беради.
 
Тергов жараёнида ўсмирларнинг шахси аниқланди. Улар Тошкентнинг Юнусобод туманидаги 105-мактаб ўқувчилари 2005 йилда туғилган А.А. ва Т.У. бўлиб чиқди.
 
Маълум бўлишича, ўсмирлар ушбу видеони Instagram тармоғидаги шахсий саҳифасини ривожлантириш ва обуначилар сонини ошириш мақсадида тасвирга олган.
 
«Тошкент метрополитени» Ук матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, ўсмирлар билан тегишли органлар ва мактакб маъмуриятининг вакиллари ҳамда ота-оналар иштирокида тешентириш ишлари ўтказилган.
 
Ушбу иш бўйича материаллар қонунда кўзда тутилган чораларни қабул қилиш учун ўқувчиларнинг яшаш жойи бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекцияга берилган.
 
Ушбу ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 115-моддаси (метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш) остига тушади. Унга кўра, фуқаролар 1/10 дан 1/2 гача базавий ҳисоблаш миқдорида, мансабдор шахслар эса 1/2 дан 1 базавий ҳисоблаш миқдорида жаримага тортилади.
 
Бундан ташқари, ўсмирлар ниқоб режимига амал қилмаган ва бу билан Махсус комиссиянинг карантин даври учун белгиланган қоидаларини бузган, дейилади хабарда. 

Сал аввалроқ ИИВ TikTok платформасидаги видеолар муаллифларини фуқароларнинг осойишталиги ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланиши ва қамоқ билан жазоланиши ҳақида огоҳлантирганди.

«Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида турли масхараомуз, одоб-аҳлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеоларини кўплаб кузатяпмиз. Ҳурматли ота-оналар фарзандларингизнинг тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмсангиз биз бундай ахлоқсизликка йўл қўймаймиз», — деди ИИВ матбуот хизматининг раҳбари Шохрух Ғиёсов.
ИИВ қамоқ билан жазоланиш тўғрисида ҳам огоҳлантириб ўтди.

 «Эсингизда бўлсин, фарзандингизга ҳам буни уқтиринг, фуқароларнинг осойишталигини, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланади ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланади», – дея қайд этади у.

Шоҳрух Ғиёсов тиктокерларнинг ота-оналарига мурожаат қилиб: «Огоҳлантирамиз, фарзандларингизни назорат қилинг. Ёшлигидан талтайтириб, кейин афсусланиб юрманг», — дея қўшимча қилади Ш.Ғиёсов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.