Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш такомиллаштирилади
Президент Шавкат Мирзиёев интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш ҳақидаги қарорни имзолади.
Хусусан, 1 апрелдан бошлаб:
- интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар нормаларидан келиб чиқиб, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисининг фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилишига нисбатан қонунчиликдаги мавжуд чекловлар бекор қилинади;
- тезкор экспертиза тартиби жорий этилади. Бунда, интеллектуал мулк объектини муҳофазага олиш учун топшириладиган талабнома бўйича дастлабки қидирув томонларнинг келишувига мувофиқ амалга оширилиши назарда тутилади.
- 2025 йил 1 январга қадар миллий экспорт қилувчилар томонидан чет элда товар келиб чиққан жой номларини рўйхатга олиш бўйича қилинадиган сарф-харажатлари Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади;
- 2021 йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттиради.
Экспорт улуши умумий товар айланмасининг 60 фоизидан ортиғини ташкил этадиган экспорт қилувчи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини 2021-2022 йилларда миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.
Интеллектуал мулк агентлиги аризаларнинг давлат экспертизасини ўтказиш учун аутсорсингни жорий этади ва 1 октябрга қадар “Патент платформаси”ни ишга туширади. У интеллектуал мулк объектлари ҳисобини тўғри юритишга кўмаклашади. Тадбиркорлар унга онлайн тарзда кўнгилли равишда ва бепул уланишлари мумкин.
Агентлик томонидан бир йилда бир марта “Энг яхши интеллектуал мулк объекти” танлови ташкиллаштирилади. Унинг ғолибларига (учта) Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30, 25, 20 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилади.
Бундан олдин ҳуқуқшунос Мадина Турсунова нега Ўзбекистонда қонуний медиаконтент бозори йўқлиги ҳақида сўз юритганди.
Бош саҳифадаги фотосурат: Nairametrics
Шарҳлар