Инвесторларга маҳалла мажмуаларини қуриш учун ер участкалари ажратилади
Инвесторларга маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ комплексларни барпо этиш, шунингдек, тегишли инфратузилма қуриш учун зарур ер участкалари тўғридан-тўғри (танлов савдоларини ўтказмасдан) шартномалар асосида ҳақ ундирилмасдан ажратилади (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳридаги ер участкалари бундан мустасно). Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг қарорида сўз боради.
Комплексларни қуриш учун ер участкаларини танлаб олиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
«Инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (келишув бўйича ёки комплекслар билан бир бинода ёхуд бошқа жойда) жойнинг ташқи меъморий қиёфасига мос келадиган, қурилиш учун ажратилган комплекслардан кичик бўлмаган майдонга эга бўлган комплексларга туташ қўшимча шунга ўхшаш объектлар ҳам ажратилади. Бунда мазкур объектларнинг фаолият кўрсатиши фуқаролар йиғинларининг иши учун ноқулайликлар яратмаслиги керак», – дейилади ҳужжатда.
Инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, комплексларга туташ объектларда амалга оширилиши мумкин бўлган фаолият турлари ва йўналишлари, шунингдек, комплексларнинг қурилиши бўйича давлат-хусусий шерикликнинг бошқа шартлари Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган намунавий шакллар бўйича инвестор ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида тузиладиган келишувларда акс эттирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уч ой муддатда потенциал инвесторларни танлаб олиш ҳамда улар билан комплексларни ушбу қарорда ва намунавий келишувда белгиланган давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш тўғрисидаги келишувларни тузишни таъминлаши керак.
Инвесторлар бўлмаган тақдирда, ҳар бир маҳаллада комплекслар қурилишини Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан ташкил этилади.
Ҳужжатда вазирлик, Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриши (реконструкция қилиши, таъмирлаши), шунингдек, уларни зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси билан жиҳозлаши кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Маҳалла маркази” мажмуаларида вазирликнинг ҳамда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари жойлаштирилади.
Бош саҳифадаги фотосурат: «Даракчи»
Шарҳлар