Ислом Каримов Порошенко ҳақида: «У гўёки иккига ажралгандай таассурот қолдирмоқда»
Ўзбекистон Президенти Минскдаги МДҲ давлатлари раҳбарларининг саммитида нутқ сўзлади ва Украина муаммосига алоҳида тўхталди.
«У (Порошенко) гўёки иккига ажралгандай ва МДҲда иштирок этиш фойдалими ёки йўқлигини тушунмаётгандай таассурот қолдиряпти», – деди Ислом Каримов Минскдаги МДҲ давлатлари раҳбарларининг йиғилишида. Саммит “Россия 24” канали орқали трансляция қилинди.
«Агар у бугун шу ерда чиқиш қилганида, бу биз учун Украина муаммосини ҳал этишга янада кўпроқ аниқлик киритган бўларди… Аммо, афсуски, бу юз бермади», – дея давом этди Ўзбекистон раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, Порошенконинг Минскка келмаслик ҳақидаги қарорига “қўшилиш қийин”. Унинг қайд этишича, деярли бир йилдан буён бутун дунё Украинадаги вазиятни кузатиб бормоқда, ушбу зиддият қачон тугашини кутаётир. “Қайси биримиз жаноб Порошенко билан юзма-юз учрашганмиз?”, – дея мурожаат қилади И.Каримов МДҲ бўйича ҳамкасбларига ва ўз саволига: “Айримлар, холос”, деган жавобни беради.
Бироқ Порошенко “Европанинг кўпгина мамлакатларида, Брюсселда, бошқа мамлакатларда бўлди, уларнинг номларини айтиб ўтирмаймиз, – дейди И.Каримов. – Аммо Порошенко Украина расмий тарзда МДҲ таркибидан чиқмаганига қарамасдан, Минскка ташриф буюриш ва МДҲ саммитида қатнашиш имкониятидан фойдаланмади”.
Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, Украина муаммосини ҳал этишга “фақат куч ишлатиш усулларидан воз кечиш, фақат халқаро ҳуқуққа асосланган сиёсий воситалардан фойдаланиш ҳамда ўққа тутишни тўхтатиш бўйича Минск келишувларининг тарафлар томонидан сўзда эмас, амалда бажарилишигина” ёрдам беради.
Каримов айнан шундай ҳаракатларгина “Украинада тинчликка эришиш бўйича музокаралар жараёни учун зарур шарт-шароитларни шакллантириши”ни таъкидлади.
Қайд этиб ўтамиз, бугун Минскда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги саммити очилди. Унга Украина президенти Пётр Порошенкодан ташқари барча МДҲ давлатларининг раҳбарлари ташриф буюрган. Украинани эса ушбу мамлакатнинг Минскдаги элчиси Михаил Ежель тақдим этмоқда.
Бугун саммит доирасида Ислом Каримов Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан музокаралар ўтказди.
Олдин хабар берганимиздай, саммитнинг кун тартибидан гуманитар, хавфсизликни таъминлаш ва бошқа соҳаларда давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 17 та ҳужжат лойиҳаси ўрин олган.
Улардан энг муҳими 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида совет халқи қўлга киритган ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ҳамдўстлик мамлакатлари ва жаҳон ҳамжамияти халқларига Мурожаати ҳисобланади.
Шарҳлар