«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» тизимини жорий этишга Жаҳон банкининг $5 млн маблағи жалб этилади
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими 2019 йил октябрь ойидан бошлаб Сирдарё вилоятида тажриба тартибида қўлланмоқда. Айни пайтда “Ягонаа реестр”ни Ўзбекистоннинг қолган 13 та ҳудудида босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси тайёрланяпти.
“Ягона реестр”ни шакллантиришга айни пайтга қадар Давлат бюджетидан бир тийин ҳам сарфланмаганди, дея қайд этади Молия вазирлиги.
Барча харажатлар ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг жалб этилган грант маблағлари (2019-2021 йилларда 610 минг АҚШ доллари) ҳисобидан қопланяпти.
Бундан ташқари, шу йил охиригача республикада “Ягона реестр”ни жорий этиш мақсадларида Жаҳон банкининг 5 млн АҚШ доллари жалб этилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан Пенсия жамғармасининг 200 дан ортиқ туман ва шаҳар бўлимлари учун зарур сервер қурилмалари ва компьютер техникаси харид қилинади, масъул ходимлар ўқитилади ва бошқа ташкилий ишлар амалга оширилади.
“Ягона реестр” аавтоматлаштирилган тизим бўлиб, у ўзи инсон омилисиз ижтимоий нафақаларни тайинлашда оиланинг эҳтиёжини белгилайди, тўловларни амалга оширади ва назорат қилади, харажатлар ҳисобини юритади», – дея қайд этади Молия вазирлиги.
Қонунчиликда белгиланган мезонлар ва нормалардан келиб чиққан ҳолда, олинган маълумотлар асосида тизим мустақил равишда ариза берувчига ижтимоий нафақа тайинлайди ёки буни рад этади. Қарор унга SMS-хабар орқали етказилади.
Шарҳлар