Карантин чекловлари cусайтирилди

Карантин чекловлари cусайтирилди

15 июндан бошлаб Ўзбекистон халқаро авиақатновларни тиклайди, аммо давлат боғчалари 1 августгача ёпиқ бўлади.

Авиақатновлар санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга тикланади

Ўзбекистонга кириш ва чиқишга қуйидаги шахсларга рухсат берилди: хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари; инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари; даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар; хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар; хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар; Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари.

Бундан ташқари, Ўзбекистондан чет элга иш, ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадларда чиқиш мумкин.

«Яшил», «сариқ» ва «қизил» авиарейслар

Санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган (яшил рейслар) Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди.

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган (сариқ рейслар) Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапур давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар 14 кун давомида уй карантини назоратига олинади.

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган (қизил рейслар — эвакуация рейслари) қолган бошқа давлатлар, шу жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан кириб келган шахслар 14 кун давомида карантин назоратида сақланади.

Санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ва яхшиланаётган мамлакатларда авиарейс қатнови кунига қадар узлуксиз 14 кундан кам бўлган, шунингдек, оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистонга келиш учун авиабилетлар сотилмайди.


Махсус комиссия қарорига кўра,»сариқ» ва «яшил» ҳудудлар ўртасидаги поездлар қатнови тикланади

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда қуйидаги поездлар қатнови тикланишига рухсат берилди.

Хусусан, қуйидаги рейслар тикланади: Тошкент — Бухоро — Тошкент; Тошкент — Термиз — Тошкент; Тошкент — Хива — Тошкент; Тошкент — Нукус — Тошкент; Андижон — Хива — Андижон; Андижон — Бухоро — Андижон; Андижон — Термиз — Андижон.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда «Афросиёб» поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига рухсат берилди.

Давлат болалар боғчаларига 1 августдан ўз фаолиятини тиклашга рухсат берилди

Давлат мактабгача таълим муассасалари очилишининг кечикиши тарбияланувчиларни қабул қилишга пухта тайёрлаш, шу жумладан санитария-гигиеник қоидалар ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминлашга боғлиқ, дейилади коронавирусга қарши курашиш бўйича Махсус комиссия хабарида.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.