Кечки Анҳор: 10 март янгиликлари

Кечки Анҳор: 10 март янгиликлари

Ҳозирча Наврўз сайлларини бекор қилиш режалаштирилмаяпти. “Наврўз байрамига келсак, ҳақиқатдан ҳам бизда айрим мамлакатлар ушбу санага бағишланган байрамларни бекор қилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бугунги кунга келиб, мамлакатда касаллик йўқлигини, турли воқеалар йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, биз фақат халқаро тадбирларни чеклаяпмиз. Ички тадбирлар, гу жумладан Наврўз билан боғлиқ байрам тадбирлари масаласи ҳали кўриб чиқилгани йўқ”, – дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.
 
Иқтисодиёт ва саноат вазири жаҳон биржа индексларининг тушиб кетиши “сўм”га қандай таъсир кўрсатиши ҳақида сўз юритди. “Биз халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятнинг сўмнинг айирбошлаш курсига таъсирини нейтрал сифатида баҳолаймиз”, – дейди Жамшид Қўчқоров. Шунингдек у, мамлакат бюджети газ нархининг тушиб кетиши натижасида йўқотишларга эга бўлишини, бироқ олтин-валюта захиралари барча йўқотишларни тўлдиришга қодир эканини қайд этади.
 
Ўзбекистон бош вазири апрель ойининг иккинчи ярмида Тожикистонга ташриф буюради. Абдулла Арипов Гулистон шаҳрида ўзининг тожикистонлик ҳамкасби билан учрашиши керак. Улар Тожикистон электр энергиясини Ўзбекистонга етказиб бериш ва Ўзбекистон табиий газини Тожикистонга етказиб бериш ҳажмларини  ва уларнинг жорий йилдаги нархларини келишиб олишади.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр энергиясини етказиб бериш ишлари чекланди. Бу Янги Ангрен ИЭСдаги қатор ўчирилиш ҳолатлари билан боғлиқ. “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” матбуот хизмати ушбу вазиятни станциядаги “энергоблокларга кўмир етказиб бериш тизимидаги носозликлар” билан изоҳламоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.