Кечки Анҳор: 12 март янгиликлари

Кечки Анҳор: 12 март янгиликлари

Тошкент шаҳрининг бош режасини ўтган йил апрель ойида 3D форматда тақдим этишни ваъда қилишганди. Энди шаҳарнинг бош архитектори Нуриддин Сагатов шундай демоқда: “Бундан олдин Тошкент шаҳри бош режасининг бир нечта концепцияси чоп этилганди, аммо улар талабларга жавоб бермагани учун бош режа ҳамон қабул қилингани йўқ. Биз бош режа қачон тасдиқланишини аниқ айтолмаймиз. Биз янги ўзгаришларни, демографик жараённи ҳисобга олишимиз керак. Тошкент нафақат пойтахт, балки аҳоли сони ўсиб бораётган шаҳар ҳам ҳисобланади”.
 
Ходимлари иш вақтидан ташқари кўп ишлагани учун 49 та ташкилот жаримага тортилди. Яна 5261 та ташкилот ёзма огоҳлантириш, 465 таси эса ёзма кўрсатма олди. Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 1716 та ҳолатда ходимлар иш вақтидан ташқари вақтда ишлаган, 734 та ҳолатда эса дам олиш кунлари ишлаган.
 
Ўзбекистон қонун устуворлиги рейтингида 4 поғона кўтарилди. Мамлакат 128 та ўриндан 92-ўринни эгаллади. Мазкур рейтинг World Justice Project халқаро ташкилоти томонидан тузилади.
 
Ўзбекистонда Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш бўйича краудфандинг дастури ишга тушди. БМТ Тараққиёт дастурининг акселератор-лабораторияси режаларига кўра, 100 гектар майдонда 100 минг дона саксовул кўчатидан иборат ўрмонзор яратилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.