Кечки Анҳор: 13 март янгиликлари

Кечки Анҳор: 13 март янгиликлари

Эрондан 28 нафар Ўзбекистон фуқароси қайтарилади. Уларнинг орасида “Лутфобод” НЎПда қолиб кетган юк машиналарининг 14 нафар ҳайдовчиси, тадбиркорлар ва талабалар ҳам бор. Ўзбекистонга келгандан кейин улар икки ҳафталик карантинга жойлаштирилади.
 
Ўзбекистон Президенти автомобиль нархларининг ошишини “нотўғри” деб айтди. «Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас. Биз халққа енгиллик яратишимиз лозим. Ҳар бир қарорни етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш зарур. Аввало халқимизнинг сотиб олувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш керак», — деди Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти раҳбарияти билан ўтказилган йиғилишда.
 
Коронавирус таҳдидига қарамасдан Наврўз байрами ўтказилади. 13 март куни ўтказилган йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси шундай қарорни қабул қилди. Бундан ташқари, 14-15 март кунларига режалаштирилган умумхалқ ҳашари ҳам ўтказилади.
 
Жаҳон банки сув таъминоти тизимини ривожлантириш учун Ўзбекистонга 239 млн доллар миқдорида кредит ажратди. Лойиҳа мамлакатнинг учта ҳудудида – Қорақалпоғистон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида500 мингдан ортиқ кишини қамраб олади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.