Мирзиёевнинг Москвага ташрифи чоғида АЭС қурилиши бўйича шартнома имзоланиши мумкин. «Яқин кунларда Лихачёв [«Росатом» корпорациясининг бош директори] келади. Ушбу шартномани тузиш учун иқтисодий, техник ва бошқа жиҳатларни муҳокама қилиш керак. Ҳозир бу борада ишлар олиб борилмоқда. Агар ҳаммасини тайёрлашга улгурсак, шартнома албатта имзоланади [президентнинг Москвага ташрифи чоғида]», – дейди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов.
 
Хитой Ўзбекистонга банан етказиб бермаган. Мамлакатга олиб кириладиган бананларнинг деярли ҳаммаси Эквадордан келади, дея қайд этади East Fruit таҳлилчилари. Гўёки коронавирус билан зарарланган бананлар ҳақидаги миш-мишлар Ўзбекистоннинг алоҳида нуқталарида уларнинг нархи тушиб кетишига олиб келган.
 
Тошкентлик фуқаро ўзини машинада ёқиб юборишга уринди. Уни ЙПХ ходимлари ва Миллий гвардия ходимлари қутқариб қолди. 48 ёшли эркак маст ҳолатда бўлган. Унинг сўзларига кўра, хотини билан жанжал ўз жонига қасд қилишга мажбур этган. Айни пайтда эркак билан руҳшунослар ишламоқда, дея қайд этилади ИИББ хабарида.
 
ТИВ раҳбарининг ўринбосари: биринчи навбатда ҳар томонлама ҳимоя ҳақида келишиб олганимиздан кейингина Жаҳон савдо ташкилотининг аъзосига айланамиз. Илҳом Неъматов худди шу қоида Евросиё иқтисодий иттифоқига ҳам тааллуқли эканини қайд этади. «Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни бир-бири билан таққослашга ҳожат йўқ, чунки бугун иккала ташкилотга ҳам аъзо бўлиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда, ўрганиш ишлари ўтказилмоқда», - дея таъкидлайди у.
 
Оролбўйида боғлар пайдо бўлади. “Орол денгизидаги менинг боғим” агро- ва экотуризм лойиҳаси Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этишга ва минтақада туристлар сонини оширишга йўналтирилган.  Лойиҳани амалга ошириш сарфланадиган харажатлар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш фондининг маблағлари ҳисобидан қопланади.