Кечки Анҳор: 16 январь янгиликлари

Кечки Анҳор: 16 январь янгиликлари

Жиззах вилоятида газ қуйиш станциясида газ сизиб чиқиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Газ портлаши 16 январь куни таъмирлаш ишлари пайтида содир бўлган. Станция ходими 40 ёшли Ш.А. воқеа жойида ҳалок бўлган, бошқа ходим эса турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

Толимаржон ИЭСдаги муаммолар туфайли электр энергиясида узилишлар содир бўлмоқда. Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, иссиқлик электр станциясида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Вазирликнинг таъкидлашича, носозликлар бартараф этилганидан кейин электр таъминоти яхшиланади.
 
Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор кўпригида содир бўлган ЙТҲда икки киши жабрланган. Nexia автомобилининг ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб Lifan автомобили билан тўқнашган. Nexia ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси турли оғирлик даражасидаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Яна бир ўхшаш ЙТҲ 8 январь куни Бухорода содир бўлган. Унда бир киши жабрланган.

Жиноий кодексдан қасддан енгил тан жароҳатини етказиш ҳақидаги моддани чиқариб ташлаш таклиф этилди. Ҳозир ушбу ҳуқуқбузарлик 25 дан 50 гача базавий ҳисоб миқдоридаги жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш, ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади. Энди эса жаримани камайтириш, яъни уни 20 дан 30 БҲМ гача қисқартириш ёки 15 суткагача маъмурий хибсга олиш билан жазолаш таклиф қилинмоқда.

Саратов яқинида содир бўлган ЙТҲда уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. 16 январь куни эрталаб Татишчев районида «Волга» автомобили ва ўзбекистонликлар кетаётган Hyundai минивэни тўқнашган. Улар «Волга» ҳайдовчиси каби воқеа жойида ҳалок бўлган. Минивэнда кетаётган яна бешта йўловчи жароҳатланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.