Кечки Анҳор: 17 февраль янгиликлари
ИИВ раҳбарининг ўринбосари: “прописка” сўзининг ўрнига “регистрация” сўзи ишлатилади. “Прописка – бу эскирган тизим… “Прописка” сўзи муомаладан чиқарилади, унинг ўрнига “регистрация” сўзи киритилади. Биз Япония ва Малайзия тажрибасини ўрганамиз ва регистрацияни жорий этамиз”, – деди Азиз Икрамов Халқаро пресс-клуб сессиясида.
Россиянинг Челябинск областида юз берган ЙТҲда Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. ВАЗ ва KIA Rio тўқнашиши натижасида икки киши ҳалок бўлган, олти киши касалхонага ётқизилган. ЙТҲ сабаблари аниқланмоқда.
Энди consulate.mfa.uz сайти орқали консуллик рўйхатига туриш мумкин. Бунинг учун регистрация картасини тўлдириш керак, консуллик регистрациясини олганлик ҳақидаги билдирги эса ариза берувчининг электрон манзилига юборилади.
Сирдарё вилоятининг Сардоба қўрғонида юз берган ёнғинда олти кишидан иборат оила ҳалок бўлди. Айни пайтда дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
«Миллий тикланиш» партиясининг раҳбари Алишер Қодиров Олтинсойда юз берган низо айбдорларини жазолашга чақирди. Бундан олдин туман аҳолиси ноқонуний қурилмаларни ўз ҳисобларидан бузишларини сўраганди. Уларга бошқа жойда ер ажратишни ваъда қилишган, аммо улар ҳокимлик, прокуратура ва ички ишлар органлари вакилларига қаршилик кўрсатган. Низо давомида икки нафар ИИБ ходими ва бир фуқаро жабрланган. “Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида бир гуруҳ фуқаролар томонидан қонуннинг қўпол бузилишини, жамоат тартибини бузишга бўлган уринишларни жиноят, ҳам қонунларимизни, ҳам қадриятларимизни бузиш сифатида баҳолаш зарур”, – дейди Қодиров.
Шарҳлар