Кечки Анҳор: 18 декабрь янгиликлари
Ўзбекистонлик икки спортчи допинг сабабли мусобақалардан четлаштирилди. Курашчилар Гулнора Сулаймонова ва Аброр Жабборовнинг допинг-синовлари Жаҳон допингга қарши агентлиги томонидан тақиқланган моддалар борлигини кўрсатди. Допингга қарши комиссия Сулаймоновани тўрт йилга, Жабборовни эса икки йилга мусобақалардан четлаштирди. Курашчиларнинг жанг санъатлари бўйича жаҳон чемпионати ва Бутунжаҳон ўйинларидаги натижалари бекор қилинди.
Ўзбекистонда йўлларнинг сифатсиз таъмири ва йўлни сақлаш қоидаларининг бузилиши учун жарима жорий этилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли тузатишлар Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди. Хусусан фуқаролар учун санкциялар 1 дан 3 гача базавий ҳисоб катталигини, мансабдор шахслар учун эса 10 та базавий ҳисоб катталигини ташкил қилади.
АҚШ давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича бюроси Ўзбекистоннинг туҳмат учун қамоқ жазосини бекор қилиш режаларини олқишлади. «Ўзбекистоннинг туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазосини бекор қилиш режаларини олқишлаймиз. Президентнинг [Ўзбекистон] қайд этишича, матбуот ҳукумат фаолиятининг кўзгуси ҳисобланади. Демократия оммавий ахборот воситалари эркин бўлишини талаб қилади. Биз янги қонун халқаро нормаларга мувофиқ бўлишига умид қиламиз, бу АҚШга репрессиялардан қўрқмасдан синчков ва мустақил репортажларни олиб бориш имконини беради», — дея қайд этилади хабарда.
ЎзЛиДеП партиясидан депутатликка номзод маъмурий жавобгарликка тортилди. Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашига номзоди қўйилган Аброр Аҳмедов, Бош прокуратура берган маълумотларга кўра Сайлов кодексининг 44-моддасини бузган. Ушбу модда сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар, хизматларни (ахборот хизматларидан ташқари) тақдим этиш ҳамда пул маблағларини тўлаш билан бирга кечадиган ташвиқот ишларини тақиқлайди. Бундан олдин Аҳмедов маҳаллий аҳолига бепул ёғ ва ун тарқатгани ҳақида хабар тарқалганди.
Шарҳлар