Кечки Анҳор: 19 декабрь янгиликлари
Транспорт хавфсизлиги бўйича вазиятли-таҳлилий марказ ташкил қилинмоқда. Унинг асосий йўналишларидан бири – бу транспорт ва туризм объектларида ҳамда уларга туташ ҳудудларда эҳтимолий хавф-хатарлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, бир тизимга солиш, йиғиш ва таҳлил қилишдан иборат. 2021 йил 1 январга қадар транспорт объектларида хавфсизликни таъминловчи профилактика инспекторлари қидирувда бўлган шахслар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган мобил видеорегистраторлар ва планшетлар билан таъминланади.
Ўзбекистон киберҳужумларга йўлиққан мамлакатлар қаторидан ўрин олди. “Касперский лабораторияси” мутахассислари Ўзбекистонни компьютер фойдаланувчилари энг кўп локал зарарланишга дуч келган мамлакатлар рўйхатига киритди. Хусусан, ҳужумга учраган зарарли банк ДТ фойдаланувчилар сони 2% ни, зарарли шифрловчи дастурлар томонидан хужумга йўлиққанлар сони 7,2% ни, компьютерларида локал таҳдидлар мавжуд бўлганлар эса 58% ни ташкил қилган.
Грузиянинг TBC Bank Group PLC компанияси Ўзбекистондаги сотув нуқталарида истеъмолчиликни молиялаштириш лойиҳасини ишга туширди. Банк ўз мижозларига электроника ва мебель бозорларида истеъмол молларини харид қилиш учун маблағ таклиф қилмоқда. Банк 2020 йил январь ойи охиригача ўз савдо нуқталари тармоғини 15 тагача, келаси йил охиригача эса 50 тагача етказишни режалаштирмоқда.
Бош прокуратура тахминан Фарғона вилоят ҳокими Шухрат Ғаниевнинг овози ёзилган аудиоёзувни текширмоқда. Прокуратура 2019 йил 14 декабрда тарқалган ушбу аудиоёзув қаерда, қачон ва қандай ҳолатларда ёзиб олинганини ўрганади. Унда тахминан Ғаниевнинг овози билан интернетда Қува туманидаги норозилик акцияси ҳақида хабар берган киши учун “жаноза намози” ҳақида гапирилган.
Тошкентнинг Сирғали туманида автобус Nexia автомобили билан тўқнашган. Воқеа 17 декабрь куни соат тахминан 18:00 да Биродарлик ва Қўрғонтепа кўчаларининг кесишмасида юз берган. ЙТҲ натижасида Nexia ҳайдовчиси ва унинг 19 ёшли йўловчиси Х.С. тан жароҳатларини олган ва касалхонага ётқизилган. ЙТҲга сабаб сифатида Nexia машинасининг 23 ёшли ҳайдовчиси Д.Т. томонидан бош йўл бўйлаб ҳаракатланаётган 28 ёшли Р.К. бошқарувидаги автобусни ўтказиб юбормаслик кўрсатилмоқда.
Шарҳлар