Кечки Анҳор: 19 февраль янгиликлари
Тошкентда «Тавхид ва жиҳод катибаси» террорчилик ташкилотининг 21 нафар тарафдори қўлга олинди. Гумондорлар 1996 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси А.Шодибековнинг мафкуравий таъсири остига тушиб қолган, айни пайтда у мазкур ташкилот сафларида ҳаракат қилмоқда. Қўлга олинганлар Шодибековга молиявий ёрдам кўрсатиш ва террорчилик ташкилоти сафларига аъзо бўлиш учун Сурияга боришни режалаштирган. Гумондорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. ИИВнинг қайд этишича, Тошкентда хавфсизлик чораларини кучайтириш режалаштирилмаяпти.
Азизбек Икромов Маҳалла ва оила ишлари бўйича вазир ўринбосари этиб тайинланди. Шунингдек у ички ишлар вазирининг жамоатчилик тартибини таъминлаш бўйича ўринбосари лавозимида ҳам фаолият кўрсатади. Элмира Боситхонова эса Маҳалла ва оила ишлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бундан олдин у раҳбарлик қилган Аёллар қўмитаси тугатилди.
Қашқадарё вилоятида икки ишчи тупроқ тагида қолиб кетган, улардан бири ҳалок бўлган. Икки ака-ука ҳожатхона учун чуқур қазиш ишларини олиб борган. “Ушбу фожиали воқеа хавфсизлик техникасига амал қилмаслик оқибатида юз берди”, – дейилади ФВВ тарқатган хабарда.
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси пенсия стажини қайта кўриб чиқмоқчи. “Айни пайтда пенсия тайинлаш учун минимал меҳнат стажи 7 йилни ташкил қилади, Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг Конвенциясида эса 15 йил стаж кўзда тутилган. Шу боис стаж йилини босқичма-босқич ошириш режалаштирилмоқда”, – дейилади ҳокимлик хабарида. Пенсия ислоҳотларининг янги концепциясини 2020 йил 1 апрелдан ишлаб чиқиш ва муҳокамага чиқариш режалаштирилган. Айни дамда Жаҳон банки, ХВЖ ва бошқа халқаро ташкилотлар биргаликда ҳужжатни ишлаб чиқиш устида ишламоқда.
Шарҳлар