Кечки Анҳор: 26 ноябрь янгиликлари
UzCard йўл ҳақини электрон тўлаш тизимини ишлаб чиқади ва жорий этади. Тизимни яратиш учун устав жамғармаси $12 млн бўлган ихтисослашган компания ташкил қилинмоқда. Унда UzCard компанияси 51% назорат пакетига эга бўлади, қолган 25% ва 24% ни Транспорт вазирлигининг ДУКларидан бири ва “Алоқабанк” компанияси олади.
Ўзсаноатқурилишбанк Лондон фонд биржасига $300 млн миқдорида евробондларни чиқарди. Евробондлар чиқарилган куни, яъни 25 ноябрда соат 14.00 да буюртмалар ҳажми 1,2 млрд долларгача кўтарилди. «Шундай юқори талаб туфайли Лондон вақти билан соат 17:00 да ёпилган битимнинг етарли рентабеллиги 5,75% купон фоизи билан таъминланди», — дейилади банк хабарида.
Москвада содир бўлган оммавий муштлашувда 10 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Муштлашувда жами 15 киши қатнашган. Келишмовчилик ҳаваскор футбол ўйини давомида қоидалар бузилиши туфайли юзага келган. Жабрланганлар йўқ.
Ўзбекистонда аккредитациядан ўтмаган бешта Россия олий ўқув юрти абитуриентларни қабул қилган. Уларнинг орасида Томск давлат бошқарув ва ражиоэлекроника тизимлари университети, Захирадаги зобитлар молияси, иқтисодиёти ва ҳуқуқлари институти, “Олий тадбиркорлик мактаби” ва “Шарқий-Европа институти” ҳамда “Сибир бизнес ва ахборот технологиялари институти” бор. Ўқув йили бошланганига уч ой бўлганига қарамасдан олий ўқув юртлари 2019/2020 ўқув йилига ҳужжатларни қабул қилишда давом этган.
Шарҳлар