Кечки Анҳор: 27 декабрь янгиликлари
Узоқ қишлоқлар ва борилиши қийин жойларда яшайдиган болалар мактабгача таълимни уйда олиши мумкин. 2020 йилда Мактабгача таълим вазирлиги БМТнинг Болалар жамғармаси билан ҳамкорликда мазкур лойиҳани ишга туширади. Унга кўра, ўқитилган педагог ҳафтада бир марта мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалари бор оилаларнинг уйига келади. Ушбу педагогнинг ўзи ота-оналарни болалар билан ишлашга ўргатади.
2020 йил апрель ойидан бошлаб бойитилмаган ун ва тузни импорт қилиш тақиқланади. Хусусан, микронутриентлар билан бойитилган биринчи нав буғдой уни ва ош тузини импорт қилишга рухсат берилади.
Ўзбекистонда буйрак ва жигар парчасини трансплантация қилиш учун донорлар доираси кенгайтирилди. Энди бемор билан биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражали қариндошликка эга шахслар ҳам жонли қариндош донорлар бўлиши мумкин. Шунингдек расмий никоҳда камида уч йил яшаган эр-хотинлар ва уларнинг қариндошлари ҳамда ўгай ака-укалар ва опа-сингиллар ҳам донор бўлишлари мумкин.
Германия ва Россия экспертлари Ўзбекистон аэропортларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқади. Airport Research Center компанияси ва Фуқаролик авиацияси инновацион маркази ҳам Тошкент аэропортининг йўловчилар терминалини модернизациялаш бўйича техник-иқтисодий асос ва мастер-режани тайёрлашда қатнашади.
“Ўзбекфильм” ҳудудида Киночилар уйи пайдо бўлади. 1982 йилда қурилган ва ҳозирги Конгресс-холл ҳудудида жойлашган Киночилар уйининг биноси Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши жараёнида бузиб ташланганди.
Шарҳлар