Кечки Анҳор: 29 ноябрь янгиликлари
Ўзбекистон Бош вазири газ ва электр энергиясини ўчириш билан боғлиқ вазиятни шармандали деб атади. “ОАВ, интернет-нашрлар ва ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг алодатли норозилиги кенг ёритилмоқда. Газ ва электр энергиясини етказиб берувчилар ўз ишларига масъулият билан ёндашмаяпти. Масъул раҳбарлар бирор марта ҳам ОАВда тушунтириш ёки салбий ҳолатларга нисбатан асосли жавоб билан чиқмади”, – дейди Абдулла Арипов. Бош вазир тасдиқланган режа доирасида истеъмолчиларга ўз вақтида газ етказиб бермаслик ҳолатларини қоралади ҳамда энергия захираларидан тежамкор фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларининг самарасиз эканини танқид остига олди.
Канадада юз берган авиаҳалокатда етти нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Хусусий енгил моторли самолёт 27 ноябрда Онтарио провинциясида ҳалокатга учраган. Дастлабки маълумотларга кўра самолётнинг ҳалокатга учрашига ёмон об-ҳаво сабабчи бўлган бўлиши мумкин.
Осиё тараққиёт банки ипотекадан фойдаланишни яхшилашга иккита қарз маблағи сифатида $200 млн ажратди. 50 млн доллар уй-жой субсидиялари давлат тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳотларни ўтказишга, яна 150 млн доллар банклар ипотека ва уй-жой шароитларини яхшилашга кредитлар ажратиши учун йўналтирилади. ОТБнинг 300 млн доллар миқдоридаги яна бир қарз маблағи иқтисодий бошқарувни ривожлантиришга сарфланади, бу кўпроқ макроиқтисодий барқарорликка ва турғун иқтисодий ўсишга олиб келиши кутилмоқда.
Бухорода автобус иштирокида содир бўлган ЙТҲда уч киши ҳалок бўлди. Воқеа 29 ноябрь куни “Тошкент-Қорақалпоғистон” йўналиши бўйича А-380 йўлининг 305-километрида соат тахминан 07:00 да юз берган. Nexia-2 ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши қатнов полосасига чиқиб кетиб, Higer автобуси билан тўқнашган. Nexia-2 ҳайдовчиси ва иккита йўловчиси шу жойнинг ўзида ҳалок бўлган.
Тожикистон президенти Эмомали Рахмон уч йилга Оролни қутқариш халқаро фондининг президенти этиб тайинланди. Бугун Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи консультатив учрашувида йиғилган етакчилар шундай қарор қабул қилди.
Шарҳлар