Кечки Анҳор: 3 январь янгиликлари

Кечки Анҳор: 3 январь янгиликлари

Туҳматда айбланган блогер Абдуфатто Нуритдинов кассация тартибида шикоят берди. 2020 йил 3 январь куни Нуритдинов Андижон вилоят маъмурий судига мурожаат қилди. Ушбу иш бўйича очиқ суд мажлиси 4 январга тайинланган.
 
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги буғдой даласини пайҳон қилган қўйларни сўйишга ҳоким буйруқ бермаганини билдирди. Бундан олдин ижтимоий тармоқларда вилоят Агросаноат мажмуини назорат қилиш инспекциясининг раҳбари Акрам Орипов Зойир Мирзаевга унинг буғдой даласини пайҳон қилган 21 та қўй билан боғлиқ вазиятни аниқлаштириш ҳақидаги топшириғи бажарилгани ҳақида ахборот бераётган видео тарқалганди. Ориповнинг айтишича, компенсация сифатида 2 та қўй сўйилган. Қонунчиликка мувофиқ пайҳон қилинган жойда ушланган чорва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига топширилиши керак. Айни дамда прокуратура ушбу видеоёзув қачон ва қай ҳолатда қилинганини текширмоқда.
 
Дориларга референт нарх шакллантириш тизими 2020 йил 1 июлдан жорий этилади. Танлаш учун аҳоли даромади юқори, ўртачадан юқори ёки ўртачадан паст бўлган мамлакатлар гуруҳига кирувчи 10 та референт мамлакат тақдим этилган. Чегаравий нархлар қўйиладиган дориларнинг номлари Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги томонидан рўйхатга олинади ва ушбу идора сайтида чоп этилади.
 
Бу йил ҳар бир сектор раҳбари ёшлар билан камида 200 та учрашув ўтказиши зарур. Ўзбекистон президенти ўтган йили шундай вазифани қўйганди. Бунда ёшларнинг мурожаатлари рўйхатга олинади ва таҳлил қилинади, улар бўйича чоралар кўрилади. «Ёшлар билан ҳафтада бир марта, ҳар 10 кунда, 15 кунда, ойда ёки йилда бир марта учрашув ўтказяпман деб қайси ҳоким ёки вазир айта олиши мумкин? Ҳеч ким. Вақтимиз йўқ дейишади. Аммо эртага кеч бўлади… Ёшларсиз натижаларга эриша олмаймиз», — дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
 
10-11 синф ўқувчилари учун вариатив ўқув дастурлари учинчи чоракдан жорий этилади. Ўқувчилар ўрганаётган фанлардан танлаш имконига эга бўлади. Ушбу тажриба лойиҳасида қатнашиш ихтиёрий, синфларни бўлиш эса кўзда тутилмаган. Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров янги тизим ўқувчиларнинг репетиторларга бўлган эҳтиёжини камайтириши кераклигини қайд этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.