Кечки Анҳор: 6 январь янгиликлари

Кечки Анҳор: 6 январь янгиликлари

Ўзбекистон тарихида илк бор Гулжаной Наимова паратхэквандо Олимпиада лицензиясини қўлга киритди. 58 кг гача тоифада чиқадиган спортчи Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Параолимпиада ўйинларига лицензия олди.

Вазирлар Маҳкамаси аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қатор ҳужжатларни тасдиқлади. Хусусан қарор ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордерини бериш, унинг ижросини таъминлаш, мониторинг ўтказиш тартиби ҳақидаги низомни ва унинг шаклини; босим ўтказган ва зўравонлик қилган ёки шунга мойил бўлган шахсларнинг ўз хулқларини тузатиш бўйича дастурлардан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомни; тадбирлар ўтказиш, ҳимоя ордерини бериш бўйича субъектларнинг ўзаро алоқа қилиш, уни бажариш муддатлари ва назорати схемасини ўз ичига олган.
 
Навоийда содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлган, саккизтаси жабрланган. 5 январь куни соат 06:40 да Конимех туманида Nexia автомобили ва Навоий кон-металлургия комбинати ишчиларини олиб кетаётган Isuzu автобуси тўқнашган.

Ўзбекистонда «Google солиғи» жорий этилмоқда. Янги Солиқ кодексига кўра, электрон шаклда хизматлар ва товарларни сотувчи (уларни сотиш жойи Ўзбекистон бўлса) хорижий юридик шахслар жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар қисмида солиқ тўловчилар деб тан олинади.  Хизматлар орасида – излаш тизимларидан фойдаланиш имконини тақдим этиш, буюртмачига эҳтимолий харидорлар ҳақида ахборот излаш ва уни тақдим этиш хизматларини кўрсатиш, интернетда реклама хизматларини кўрсатиш бор.

Бош прокуратура Гулнора Каримова ва бошқа шахсларга нисбатан тергов жараёнини якунлади. Улар таъмагирлик, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва жиноий даромадларни хорижий мамлакатларда легаллаштириш тўғрисидаги иш бўйича жавобгарликка тортилган. Айни дамда жиноий иш кўриб чиқиш учун судга юборилди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.