Кексалар спортга жалб этилади
Ўзбекистон “Спорт ҳамма учун” Халқаро ассоциациясига (The Association For International Sport for All, TAFISA) қўшилади. Бу ҳақда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойбергановнинг Франкфуртда TAFISA бош котиби Вольфганг Бауман билан учрашувида қарор қабул қилинди, дея хабар беради “Новости Узбекистана” нашри.
Вольфганг Бауманнинг айтишича, Ўзбекистоннинг спортни ривожлантириш модели дунёдаги энг самарали моделларидан биридир. У “Хумо Арена” ва “Амирсой” тоғ-чанғи мажмуининг қурилишини, ўзбек спортчиларининг халқаро мусобақалардаги ютуқларини алоҳида қайд этди.
14-20 апрель кунлари Вольфганг Бауман “Спорт ҳамма учун” ассоциациясининг ташкил қилинишини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради.
TAFISA 1991 йилда ташкил қилинган бўлиб, 2005 йилда унинг профессионал офиси Франкфурт-на-Майнеда очилди. Ассоциация, соғлиқ, шодлик, ижтимоий ўзаро алоқа, бутун дунёда одамлар интеграцияси ва мулоқот учун уларнинг жисмоний фаоллигини рағбатлантирган ҳолда, кексаларни спортга жалб этиш устида ишлайди. TAFISA спорт мусобақаларини ўтказади ва ҳар бир мамлакатнинг миллий спорт турларини оммалаштиради.
Миллий Олимпия қўмитасининг маълумотларига кўра, бугунги кунда ассоциация таркибида 200 дан ортиқ аъзо ва 130 та иштирокчи мамлакат мавжуд. У спорт ташкилотлари томонидан расмий тан олинган бўлиб, Халқаро Олимпия қўмитаси билан фаол ҳамкорлик қилади.
Шарҳлар