Кексалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар коронавирусга қарши бепул эмланади
Ижтимоий ҳимояга мухтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини вакцина билан эмлаш бепул тарзда яъни бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда 15 февраль куни коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус республика комиссиясининг йиғилишида маълум бўлди. Унда илк бор Қонунчилик палатаси депутатлари қатнашди. Муҳокама тафсилотлари ҳақида депутатлар Дониёр Ғаниев ва Расул Кушербаев гапириб берди, деб ёзади “Газета”.
Уларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2021 йил охиригача мамлакат аҳолисининг асосий қисмини, биринчи навбатда хатар гуруҳига кирувчи фуқаролар – кексаларни, сурункали касалликларга эна кишиларни ҳамда аҳоли билан мунтазам алоқада бўладиган соҳа вакилларини (тиббий ходимлар, ўқитувчилар, ички ишлар органларининг ходимлари ва бошқаларни) эмлаш мақсадини қўйган.
Ўзбекистонда Инновацион ривожланиш вазирлиги бошчилигида ZF-2001 рекомбинант вакцинасининг 3-фаза клиник синов босқичи бўйича ҳозирга қадар 6697 нафар кўнгилли фуқаролар вакцинанинг 1-дозаси билан эмланган, яна 1209 таси 2-дозани ҳам қабул қилган.
Клиник синовнинг дастлабки натижаларига кўра, вакцина қабул қилганлар орасида 1-даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) 5 нафар шахсда (0,3%) кузатилган. Солиштириш учун, бу кўрсаткич «Pfizer/Biontech»да 2−3,8%, «Спутник V»да эса 0,3−0,4%ни ташкил этган.
Клиник синовнинг ижобий натижалари сабабли Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда.
Махсус комиссия томонидан рухсат берилган тақдирда, вакцина яратилишида ҳамкор томон сифатида Хитой Ўзбекистонга вакцина имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади. Шунингдек, мамлакатда вакцина ZF-UZ-2001 номи остида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда тижоратлаштирилиши режалаштирилмоқда.
Махсус комиссия раисига кўра, Хитой компанияси маҳаллий фармацевтика компаниялар билан ҳамкорликда ZF-UZ-2001 вакцинасини жорий йилда 300 млн донагача ишлаб чиқиши ва етказиб бериши мумкин. Бу эса 2021 йил охиригача мамлакат аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади.
Шунингдек, комиссия раиси Халқаро Вакциналар Иттифоқи (GAVI) томонидан Ўзбекистонга 2,5 млнга яқин Astra-Zeneca вакциналарини бепул етказиб берилиши бўйича ҳам музокаралар якунланаётганини маълум қилди. Музокаралар якунига қараб, ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.
Шарҳлар