Кейинги етти йил ичида республикада уйлардаги 3 мингдан ортиқ лифт янгисига алмаштирилади
2021-2027 йилларда жами 2 102 та кўп квартирали уйларда 84 та лифтни таъмирлаш, 3 478 та лифтни янгисига алмаштириш кўзланмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг қарорида сўз боради, дея хабар беради Norma.uz.
Ҳужжат билан 2021-2027 йилларда кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш дастури тасдиқланди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига қуйидагилар топширилди:
· дастурнинг ўз вақтида амалга оширилишини мониторинг қилиш;
· кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг замонавий услубларини жорий қилиш;
· кўп квартирали уйларда жой мулкдорларининг қулай ва хавфсиз яшашини, фавқулодда вазиятларнинг олди олинишини ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;
· лифт ускуналарининг техник ва авария ҳолатларини реал вақт режимида қайд этувчи замонавий рақамли электрон дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Молия вазирлиги билан биргаликда тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун 2020 йил 1 ноябрга кадар маблағлар ажратилишини таъминлаш топширилди. 2021 йилдан бошлаб эса республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан дастур асосида лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш тадбирлари учун талаб қилинадиган маблағлар ажратилади.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан Лифтлар хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентга риоя қилиш устидан назорат амалга оширилади.
Шарҳлар